ch
Feedback
Асанов формати

Асанов формати

前往频道在 Telegram

Канал муаллифи, тилшунос, журналист ва блогер Эльдар Асанов тиллар, тарих, антропология мавзуларида таҳлилий ва оммабоп материаллар бериб боради. Канални қўллаб-қувватлаш: tirikchilik.uz/AsanovEldar Тижорий ҳамкорлик учун: @AshiVanghuhi

显示更多
2025 年数字统计snowflakes fon
card fon
12 826
订阅者
-724 小时
-557
-18830
帖子存档
Ўзбекистондаги барча темир йўл станциялари номи давлат тили қоидаларига мувофиқлаштирилиши ҳақидаги хабар кетидан Муҳримхон, ўқувчиларининг мурожаатларига асосланиб, Қиргули топоними Қирғили шаклига ўзгаргани ҳақида ёзибди. Мен бу топоним тарихини билмайман, лекин менга доим сунъий туюлган. Қиргули, яъни қирда турган битта гул номига жой аталиши халқ этимологиясидай туюлган (ХанойОйхон дегандай). Кейин, у ер қирми ўзи? Буни билмайман. Шу баҳона бир қараб кўрдим — этнографик мақолаларда қирғили деган уруғ номи бор экан. Масалан, атоқли топонимист ва этнограф Суюн Қораевнинг Орифбоев билан бирга ёзган мақоласида. Шу вариант тўғри бўлса керак. Қуёнли, жилонли, учтамғали, увоқтамғали, қўштамғали, тароқли, ойинли, қанжиғали, қайчили, чўмичли, болғали, қўлдовли, косовли — бундай уруғ номлари жуда кўп, тамғасининг шаклига қараб қўяверишган. Уруғ мансубияти унутилиши асносида қишлоқларда уруғ номи сақланиб қолган, янги авлодлар уруғнинг номини ва маъносини билмай, ўз тушунчаларидан келиб чиқиб тушунтиришлар ўйлаб топган; бу нарса халқ этимологияси дейилади. Қўқон тарафларда Жалойир қишлоғи Жалаер бўлиб қолгани каби. Жалойир уруғига мансубликни унутган авлод жала кўп ёғадиган ер бўлса керак қишлоғимиз деб ўйлагандир. @AsanovEldar
显示全部...
👍 58😁 34 5👏 3
2.47 MB
3.54 MB
👍 37😁 16👏 10🥴 4
Мутрибий Самарқандийда яна Жалолий Табиб деган олим ва шоир ҳақида маълумот келтиради. Айтилишича, Абдуллахон II даврида у бир метр келадиган бир сандиқ ясаган. Сандиқнинг ўнг тарафида бир маймун ҳайкали кунда устида, қўлида тоғора ва темир таёқ билан ўтирган; у ҳар соатда таёқни тоғорага уриб турган. Сандиқ тепасида, ўртароғида бир аждар ҳайкали оғзини очиб-ёпиб турган. Чап томонда оғзи очиқ от калласи жойлаштирилган. Сандиқ ўртасида бир ёпиқ дарича бўлган. Кимдир аждар оғзига маржон ташласа, у дастлаб сандиқ тубига тушган, сўнг кўтарилиб, отнинг оғзидан чиқиб келган. Айни пайтда сандиқ тепасидаги дарича очилиб, ундан бир тахтача устида ўтирган олим ҳайкали чиққан; олимнинг қўлида бир ўрам қоғоз турган. Мулла Жалолий қоғозни олиб, ўқиб эшиттирган — унда ё рамалнинг шаклларидан бири, ё маржон ташлаган учун башорат ёзилган. Башорат ўқиб бўлингач, дарича ёпилган. Сандиқ Бухорода, Ҳожи Чашмоннинг Ғозиён кўчасидаги уйида турган; кўп султонлар, хоқонлар, бой ва камбағаллар бу мўъжизакор башорат мосламасини томоша қилишга ташриф буюриб турган. Ана шундай ажойиботлар биз томонларда ҳам бўлган экан. @AsanovEldar
显示全部...
👍 26😁 10 8
Кейин бу китоб орқали адибларнинг феъл-атвори, ўзига хосликлари ҳақида билиб оламиз. Улар йигирма-ўттизта шеър ёзиб қолдирган қиёфасиз номлар эмас, реал шахслар сифатида гавдаланади кўз ўнгимизда. Зайниддин Восифий, Фахрий Ҳаравийлар Гулханий Астрободий деган шоир ҳақида маълумот келтиради. Айтилишича, у жуда қўпол, тили аччиқ, ҳаммани танқид ёки масхара қиладиган одам бўлган. Сом Мирзонинг ҳикоя қилишича, бир куни Ҳиротда фалаж бўлган Ҳусайн Бойқарони тўрт киши садияда (одам ташувчи замбилда) олиб кетаётган экан. Подшо шоир Гулханийни учратиб қолиб, ундан ҳол-аҳвол сўрабди. Шунда шоир: "Худога шукур, икки оёғим соғ, юра оламан. Тўрт одам мени ўлик кўтаргандай садияда олиб кетмаяпти" деган экан. "Мажолис ун-нафоис"нинг форсча таржимасида айтилишича, шоир нуқул ҳамма билан жанжаллашиб юрганидан Алишер Навоий норози бўлиб, уни шаҳардан чиқариб юбормоқчи бўлган экан. Бугунги замонда Гулханий Астрободий ижтимоий тармоқларни ёндирадиган токсик тролль бўларди. @AsanovEldar
显示全部...
😁 43👍 8💯 4
Сунъий онг атрофидаги шовшувлар таҳлилига бағишланган яхши видео чиқибди. Кўрворишни тавсия қиламан. Катта тил моделларидан доимий фойдаланадиган одам сифатида улар атрофидаги ваҳимани, очиғи, тушунмайман. Мен учун сунъий онг — баъзи энг оддий ишларни автоматлаштира оладиган, ахборот қидиришни осонлаштирадиган қулай инструмент, ундан ортиқ эмас; менинг ишимни энг кучли сунъий онг ҳам ўрнимга бажара олмайди, лекин кўп ёрдам беради, ишни тезлаштиради, янги фикр, ғоя ва ёндашувлар топиб бериши мумкин. Буни ўзи кўпчилик тушуниб боряпти — жаҳон миқёсида қарасак, умуман олганда сунъий онг инструментларига кўникиш, уларни тўғри қабул қилиш жараёни кетяпти; лекин ҳозир ҳам "войдод, ёрворди, тез орада ҳамма ишни қилади, одамлар ишсиз қолади" деган маънодаги кайфиятларни кўп учратаман (айниқса ўзбек YouTube'ида). Бошқа жиҳат ҳам бор — сунъий онгнинг кучига ишониб юборган баъзи кишилар у орқали контент генерация қилиб, интернетни ахлат видео ва матнларга тўлдириб юборди. Бундай контент дарров кўзга ташланади ва одамнинг кўнглини айнитади. Бир менинг эмас — сунъий онг ёзган китоблар сотилмаяпти, видеоларнинг изоҳлари эса қарғанишларга тўла. Сунъий онгда сифатли контент яратиш мумкин, лекин у амалда инсоннинг 70 фоиз иштирокини талаб қилади — ғоя бериш, уни батафсил тасвирлаб промт бериш, натижани таҳрирлаш. Бунда сунъий онгнинг иштироки минимал бўлади, фақат техник жиҳатларни осонлаштириб, тезлаштириб, арзонлаштириб беради. Инсонсиз, мустақил ҳаракат қила оладиган сунъий онг қачондир яратилишига шахсан менинг кўзим етмайди. Аксинча, сунъий онг замонасида инсон меҳнати ва ижоди кўпроқ қадрланиши, қимматроқ баҳоланиши кутилмоқда. Шунинг учун катта матн ёзувчилар, таҳлилчилар, шоир-ёзувчилар, ижодкорлар — соққа қилишга тайёрланиб туринглар. @AsanovEldar
显示全部...
👍 22 8😁 2💯 2
Китоб тарихий латифаларга — кичик воқеий ҳикоя, воқеа-ҳодисаларга тўла экан. Ўзи тарихий манбаларнинг шуниси қизиқ — биз ўрганиб қолган замонавий тарих китобларида катта тарих (урушлар, сиёсий жараёнлар) ёритилади, манбанинг ўзида эса ўтмиш одамларининг ҳаётида бўлган кичик воқеалар, суҳбатлар акс этади. Бундай ҳикоялар замона руҳиятини зўр акс эттиради. Масалан, XVI—XVII асрларда зиёлилар Бухородан (шаҳарданмас, давлатдан) Ҳиндистонга кўчиши "мода" бўлган: Ҳиндистонга бориб ижод қилган қанчадан-қанча шоир, олимни биламиз. Аммо бунинг сабабларини, жараённинг механизмларини Ҳасанхожа Нисорий ва Мутрибий Самарқандийнинг тазкираларида келтирилган таржимаи ҳоллардан биламиз. Маълум бўлишича, шоирлар ҳар хил сабаб билан Ҳиндистонга борган: Ҳиндистонда айниқса Акбаршоҳ ва Шоҳжаҳон даврида шеърият урфга кириб, ҳар бир аъён ҳузурида шоирларни, олимларни тутган, яъни шеърият сердаромад соҳага айланган. Кўп шоирлар Ҳиндистонга тирикчилик учун борган ва маълум даромадга эга бўлгач, Бухорога қайтган; баъзилари ҳаж зиёратига етарли пул тўплаб, Ҳижозга кетиб юборган. Бир шоир эса (ҳозир отини тополмадим) хотинидан қочиб, Ҳиндистонга кетган экан. Даврий Самарқандий исмли бир шоир Бухородан Ҳиндистонга бориб, маблағ тўплаб, Акбаршоҳнинг рухсати билан ҳажга кетган. Қайтишда кемада тушунмовчилик келиб чиқиб, Бандар Суратга лангар ташлаймиз деб, қояларга урилиб, ҳалокатга учраган. Денгизчилар соҳилга етиб олган, кемадаги шоирлар — Даврий ва Абдуллоҳ Вафодор эса чўкиб кетган. Ҳиндистонга бориб, саройда ишга жойлашиш ҳам осон бўлмаган. Бухоролик адиблар (шоирлар шундай аталган) маълум бир механизм ишлаб чиққан, аввал келганлар янги келганларга йўл-йўриқ кўрсатган: дастлаб бирор вилоят ҳокими ёки аъённинг ҳузурига жойлашиб олинган, сўнг шоҳ билан учрашувларда кўзга ташланишга ҳаракат қилинган; баъзан аъёнларнинг ўзи шоҳга ёқиш мақсадида ўз ҳузуридаги зўр қасиданависларни таништириб, шоҳга тортиқ қилишга уринган. Табиийки, мингтадан биттаси шоҳ назарига тушиб, саройга кўчган, кўпчилик аъён ҳузурида қолиб кетган ёки омади келмай, Бухорога қайтиб кетган. Мана шунақа гаплар. @AsanovEldar
显示全部...
👍 29🔥 16 9💯 2
Ўрта жузни ташкил қилувчи қабилалар XVI—XVIII асрлардаги ўзаро курашларда қозоқ бирлашмаси таркибига қўшилган Олтин Ўрда қабилаларидир. Аслида Жонибек ва Керей Олтин Ўрдага қайтиши билан қозоқ хонлиги тузилиб, барча қабилалар қозоққа айланиб қолмаган — жараён жуда узоқ давом этган: баъзи қабилалар ихтиёрий қўшилган, баъзилари жанг билан енгилган, баъзилари қочиб кетган ёки ўзбеклар таркибига қўшилиб олган, баъзилари, аксинча, ўзбеклар таркибидан чиқиб, қозоқларга қўшилган; қирғиз, бошқирд ёки ўзбекларнинг алоҳида гуруҳлари қозоқлар таркибига бориб жойлашган ва ҳ.к. У пайтда қозоқ деганда бугунгидай болаликдан бўладиган миллий ўзлик эмас, сиёсий бирлашма тушунилган, яъни асосий ўзлик қабилавий мансубият бўлган, сиёсий вазиятга қараб қозоқлар таркибига қўшилиб қолган қабилалар ташқаридан шу ном билан аталиб кетган. Шундай қилиб, XVI-XVIII асрдаги қозоқлар бугунги қозоқлардан катта фарқ қилган — ҳам тил, ҳам маданият, ҳам таркиб нуқтаи назаридан. Қозоқ миллати ва миллий ўзлиги эса XX асрда пайдо бўлган. Кичик жуз қозоқ иттифоқи таркибига энг охирида қўшилган нўғайлар, бошқирдлар ва қорақалпоқлардан иборатдир. Айнан ўшаларнинг тили бизга қизиқ. Қорақалпоқ ва нўғайлар Нўғай Ўрдасидан келиб чиққан бирлашмалардир. Айнан ўша Ўрдада бугун биз билган қозоқча, қорақалпоқча ва нўғайчага ўхшаш оғзаки тил тарқалган. Бу шеванинг бошқа шарқий қипчоқ шеваларидан фарқлари мўғул тилининг таъсирида кўринади: оҳанглар бошқачароқ, товуш ўзгаришлари бор (ş>s, ç>ş ва ҳ.к.). Бу шева қандай қилиб қозоқларнинг асосий ва ягона тилига айланиб, қолган шеваларни сиқиб чиқарган? Ахир оддий шарқий қипчоқ ва қарлуқ шевалари кенгроқ тарқалган, уларда гапирувчи қабилалар эскироқ ва нуфузлироқ бўлган. Қозоқ тилининг ҳақиқий сири мана шунда аслида — қандай қилиб нўғайча типдаги шева бу қадар кенг тарқалиб кетгани ва нега қозоқларда сезиларли шева фарқлари йўқлиги кўп тадқиқотчиларни қизиқтиради. Бу борада аниқ фикр йўқ, лекин бир қанча тахмин бор. Баъзи тилшунослар буни жунғорлар босқини билан боғлайди. Бу фаразга кўра, жунғорларга Улуғ ва Ўрта жуз вакиллари фаол қаршилик кўрсатиб, катта демографик йўқотишларга учраган, уларнинг ўрнини Кичик жуз вакиллари тўлдирган. Қозоқларнинг уруғчилик тизимидаги бир ҳолат бунга далил сифатида кўрсатилади: қозоқларда қўнғирот, олчин каби қабилалар бор, лекин ички таркиб жиҳатдан ўзбек, қорақалпоқ, бошқирд ва нўғайлардаги шу қабилалардан тубдан фарқ қилади; бу ўша қабилалар қирилиб кетиб, қайтадан тузилганидан дарак бериши мумкин. Тўғри, баъзи олимлар буни жунғорларга қарши кураш билан эмас, ундан олдинги жараёнлар — ўзбеклар, қорақалпоқлар ва нўғайлар билан жанглар, қабилаларнинг у ердан бу ерга кўчиши билан боғлайди. Яна бир тушунтириш бор, у юқоридагига зид келмайди, балки қисман тўлдиради. Унга кўра, совет давридаги руслаштириш сиёсати натижасида жуда кўп шевалар унутилиб кетган: қозоқларнинг 60-70 фоизи рус тилига ўтиб кетган, 90-йилларда қозоқ тилига қайтиш жараёнида эса адабиёт, таълим ва ОАВ таъсирида стандарт адабий тилга қайта бошлаган. Ҳеч бир тушунтириш менга етарлича асосли туюлмайди, лекин бир нарса аниқ — XVIII асрда қозоқларнинг ҳозиргача сақланган қабилавий тизими ва тил хусусиятлари шаклланди. Унгача қозоқ деганда биз билганимиздан бошқачароқ ҳамжамият тушунилган. @AsanovEldar
显示全部...
🔥 42👍 30👏 8👎 1
Қозоқ тили қачон пайдо бўлган? Миллий мифологиядан чекиниб, реалликка қарайдиган бўлсак, қозоқ тили бошқа қўшни тилларга ўхшаш йўлни босиб ўтган. "Олтин Ўрда аҳолиси ҳозирги қозоқчадан фарқ қилмайдиган тилда гапирган, туркий тиллар консерватив, секин ўзгармайди" деган гапларнинг бари бўлмаган гаплар. Умуман, қозоқ ҳамкасбларнинг Олтин Ўрда адабий тилини чиғатойчага ўхшатиб, "йўқ, халқ бошқа тилда гапирган, буниси сунъий тил" деб такрорлайверишларига ҳайрон қоламан. Гап шундаки, Олтин Ўрданинг ўзига хос ёзма адабий тили бўлган, у маълум даражада халқ тилига асосланган. Бу тилни совет туркологиясида Олтин Ўрда ўғуз-қипчоқ тили дейишган. Олтин Ўрда ҳудудида Юсуф Хос Ҳожиб, Адиб Аҳмад Югнакийлар қўллаган қарлуқча хоқонийя тили базасида ишлаб чиқилган бу адабий тилда кўп таржима ва оригинал асарлар ёзилган — Хоразмийнинг "Муҳаббатнома"си, Хусом Котибнинг "Китоби Жумжума"си ва ҳ.к. Унинг ўзига хослиги — асос сифатида хоқонийяда ишлаб чиқилган приёмлар, ифода воситалари олинган, лекин сўзлар ва шакллар, грамматик кўрсаткичлар маҳаллий аҳолининг тили бўлмиш қипчоқ шеваларидан олинган. Олтин Ўрданинг жанубида — Хоразмда бошқа адабий тил ривожланган; уни хоразм-қарлуқ адабий тили деб аташади. Хоразмдаги бу адабий тил хоқонийя тилининг бевосита давоми ва катта эҳтимол билан чиғатойчанинг аждодидир. Унда, масалан, Носируддин Рабғузийнинг "Қисаси Рабғузий"си ёзилган. Олтин Ўрдадан ташқари, мамлуклар Мисрида ҳам қипчоқ адабий тилида ёзишган. Шунчаки қипчоқча ёзма ёдгорлик бўлишига қарамай, қозоқ олимлари уларни эътиборсиз қолдириб, ҳатто юқорида Тимур Козирев каби чиғатой тилида фарқламасликларига сабаб — бу қипчоқча ёзма ёдгорликлар қозоқ тилига ўхшамайди. Олтин Ўрдада оғзаки сатҳда хилма-хил шевалар тарқалган эди. Мамлакатнинг шарқий қисмларида ёйилган шарқий қипчоқ шевалари бугунги қозон татар тилига, ўзбек тилининг қипчоқ шеваларига яқин. Юқорида айтилган адабий тил ҳам шу шеваларга асосланган эди. Юқоридаги, қарлуқча асосга нисбатан адолатсизлик қилиниб, ўғуз-қипчоқ адабий тили деб аталган ёзма тил мана шу шеваларга яқин эди. Олтин Ўрданинг ғарбий қисмида — Қрим ва унинг атрофида, Литва ва Польшага қадар бўлган ҳудудларда ғарбий қипчоқ шевалари тарқалган эди (ҳозирги қрим татар, қумиқ тилларига яқин). Бу тилнинг кўринишини "Кодекс куманикус"дан ва кейинги даврга оид арман-қипчоқ христиан асарларидан билишимиз мумкин. Хоразм жанубида ўғуз шевалари бор эди (ҳозир ҳам бор), аммо улардан ёзма ёдгорлик қолмаган — Хоразмда қарлуқча ёзма тилдан фойдаланишган. "Унда қозоқ тили қаерда эди, қандай пайдо бўлди?" деган савол туғилади. Қозоқларнинг келиб чиқишидан қарасак, тушунарли бўлади менимча. 1465 йилда Ўрусхоннинг эваралари Жонибек ва Керей Абулхайрхонга бўйсунмай, икки-уч қабила билан бирга Мўғулистонга кўчиб кетади. Абулхайрхон ўлганидан сўнг улар мўғул қабилалари билан бирлашиб, Абулхайрхоннинг меросхўрлари (Шайбонийхонни) ва тарафдорларини қувиб чиқаришади. Шаклланган янги қабилавий иттифоқни "қозоқ" деб атай бошлашади. Мўғулистон деганда бугунги Мўғулистон эмас, Уйғуристон ва Қирғизистоннинг бир қисми, географик номларини айтсак, Шарқий Туркистон ва Еттисув тушунилган. Мўғулистон амирлиги Чиғатой улусининг бир қисми бўлган ва бу ерда чиғатой тилида гапирувчи аҳоли яшаган. Уларнинг жонли тили қандай бўлганини кўрсатувчи ёдгорликлар — несториан қабрларидаги қайроқтош ёзувлари: уларда эски уйғур тилига яқин шева акс этган. Жонибек ва Керей ўз қўл остидаги қипчоқ тилли ўзбек қабилаларини айнан мана шу чиғатой тилли қабилалар билан бирлашиб, ўз хонлигига асос солган. Кейинчалик бу қабилалар қозоқларнинг Улуғ жузига асос бўлган. Шундай қилиб, энг биринчи қозоқларнинг тили қарлуқча ва қипчоқча бўлган.
显示全部...
🔥 26👍 15 9👏 4
Тимур Козирев деган тилшуносни унча танимас эканман, лекин унинг иштирокидаги подкастни охиригача кўролмадим. Кўп хато гаплар гапирибди. Қадимги туркий тил ҳақидаги гапларини олсак. Унинг фикрича, ҳозирги туркий тиллардан ҳеч бири унга тўғридан-тўғри авлод эмас экан, фақат ёқут тили нисбатан яқинроқ эмиш. Қадимги туркий тил эса ёзма тил экан ва оддий халқ бу тилда гапирмаган эмиш. Қозоқ тилининг келиб чиқишига ўтганида, Олтин Ўрда халқи ҳозирги қозоқ тилида гапирган, деярли бугунги тилдан фарқ қилмаган, деб юборди. Бундай қарашлар қозоқ илм-фанига хос, кўп учрайди: ёзма туркий тиллар қозоқ тилига ўхшамагани учун ҳамиша уларнинг сунъийлигига, уларда ҳеч ким гапирмаганига урғу беришади (ваҳоланки, ҳар қандай ёзма тил сунъийдир, лекин унинг бирор оғзаки асоси бўлади); оғзаки тил ҳақида гапирганда эса, "туркий тиллар консерватив, ўзгармайди, минг йилдан буён ҳозирги қозоқчага ўхшаш тилда гапирамиз" деб турволишади. @AsanovEldar
显示全部...
👍 21👏 8💯 5🔥 3
Муридлардан бири Б.В. Норикнинг "Библиографический словарь среднеазиатской поэзии (XVI — первая треть XVII в.)" номли китобини топиб берди. Салкам минг бетдан иборат ажойиб тадқиқот ва манба. Унда XVI—XVII асрлар тазрикаларидаги маълумотлар тўпланиб, юзлаб шоирларнинг таржимаи ҳоли келтирилган, айни пайтда кечки Темурийлар ва Шайбонийлар даври адабий жараёнлари жуда кенг ёритилган. Ҳозир ўқиб чиқяпман ва кўп нарса ўрганяпман. Бизнинг стандарт таълимимизда ўзбек адабиёти қуйидагича ёритилади — Қорахонийлар давридаги илк адабий машқлар (Хос Ҳожиб, Югнакий+Кошғарий), Темурийлар даври (Лутфий, Атоий, Саккокий, Навоий), Амир Умархон ва Феруз даври адабий муҳити. Бу даврларнинг орасидаги даврлар унча ёритилмайди, гўёки ижод тўхтаб қолгандек туюлади. Бунинг иккита сабаби бор. Биринчиси — бу оралиқ даврларнинг яхши ёритилмагани, "буюк" даврлар соясида қолиб кетгани; иккинчиси — ростдан кучли шоирларнинг камлиги. Норик Бертельс ва яна бошқаларга таяниб қизиқ фикр билдирган: Навоий туркий адабиётни форс адабиёти билан тенглаштирди, унинг ўзи бир даврдай таассурот қолдиради — бутун воқеалар, маданий муҳит унинг атрофида айланади, ҳамма манбалар уни тилга олинади ёки унга бағишланади; Навоий форс адабиётига тақлид қилиб, юксак савияга чиққан эди; аммо кейинги туркийзабон шоирлар Навоийга тақлид қилди ва ундан юқорироққа кўтарилолмади. Қолаверса, Навоийдан сўнг туркий тил устун бўлиб кета олмади, форс адабиёти секинлик билан яна ўз позицияларига қайтди (айниқса XVI асрнинг иккинчи ярмида) ва туркий адабиёт тор доирадаги маҳаллий ҳодисага айланиб борди. Эрон таъсири айниқса Манғитлар даврида яна кучайиб, давлат тўлиқ форс тилига ўтиб кетди, олдинги туркий тилли адабиёт ва ҳужжат тажрибаси унутила борди. Шунинг учун ҳам Шайбонийларнинг ўрни бошқача — улар Темурийлар анъаналарини давом эттириб, туркий тилдаги ижодга ҳомийлик қилган, туркий тилда фақат шеър, достон эмас, тарихий солномалар ва катта таржималар вужудга келишига хизмат қилган эди. @AsanovEldar
显示全部...
👍 62 12🔥 2👎 1
Янги Ўзбекистон университетида сунъий интеллект кластери пайдо бўлади Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Шу доирада университетда "тармоқ – олийгоҳ – ҳамкор" тамойилига асосланган сунъий интеллект кластери ташкил этилиши маълум қилинди. Бу кластер илмий изланишлар, технологик стартаплар ва инновацион лойиҳаларни бир тизимда бирлаштиради. Университетда, шунингдек, сунъий интеллект ва информатика йўналишида халқаро докторантура дастурлари ҳам йўлга қўйилган — бу ёш олимлар ва тадқиқотчилар учун янги босқични англатади. Сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш учун илмий база, амалий муҳит ва халқаро ҳамкорлик бир жойда бўлиши керак. Шу маънода, бу кластернинг ташкил этилиши нафақат ўқув жараёни, балки IT экотизим учун туртки бўлиши мумкин. @AsanovEldar
显示全部...
👍 11 5🔥 5 2
Эътибор берсангиз, охирги пайтларда ўзбек фудблогерлари жуда авжига чиқиб кетди: ўнлаб фудблогер бор — бири пиширади, бири ейди, бир ресторанма-ресторан юради, юз минглаб, миллионлаб обуначига эгалари бор; овқатларни хилма-хил, сергўшт, минг хил мақом билан тайёрланади. Инглиз тилли каналларда азалдан гўштхўрлиги билан мақтаниб юрадиган Қозоғистон эмас, Ўзбекистон "гўшт юрти", "гўштапокалипсис" номлари билан аталмоқда. Овқатлар пиширилишини кўрсангиз, сабабини тушунасиз: тонналаб гўштдан ош, бешбармоқ, сомса, тандир, қозон кабоб, яна бир нарсалар тайёрлашади (комментларда эса обуначилар "биз гўшт олишга пулимиз йўқ, эҳсон қилсанглар бўларди" деб нолиб ўтиради). Хуллас, ўзбек ошхонаси мода бўлиб, бойиб (гўшт ва бошқа масаллиқлар билан), қиёфаси ўзгариб (чиройли сервировка ҳисобига), интернетда ўз ўрнига эга бўлди. Шу масалада ҳамкасбим Рустам Азизий билан гаплашиб қолдик. Мен ҳеч қандай қонунчиликсиз, аниқ режасиз, шунчаки кимдир ҳаракат қилган, унга яна кимдир қўшилган, натижада бутун бошли ҳаракат вужудга келган, спонтан феномен, дедим. Рустам эса спонтан эмас, иқтисодий ва маданий қонуният деди: унга кўра, яшашимиз яхшиланди, пулимиз кўпайди, емишимиз бойиди, чет элни кўриб, сал чиройли овқат, чиройли дастурхон деган нарсаларни, интернетдан эса форматларни ўргандик, барини бирлаштириб, босиб ташладик; тонналаб гўштга эҳтиёж туғилгани учунгина блогерлар муваффақият қозонди. Ҳақиқат ўртароқда бўлса керак. @AsanovEldar
显示全部...
😁 57👍 23💯 14🔥 4
Баъзан ҳаётда катта ўзгаришлар кичик қадамлардан бошланади. "Ҳаж ва Умра ягона портали" ҳам шундай янгилик — қоғозбозлик, сарсонгарчилик ва инсон омили аралашувини орқада қолдирган янги саҳифа. Эсланг: илгари кимдир маҳаллада рўйхатдан чиқиб кетар, кимдир ҳужжати "тўлиқ эмас" деган баҳона билан кутиб қоларди. Ҳатто орадан ғийбат ва норозилик ҳам ўтарди. Энди эса компьютернинг ўзи навбатни шакллантиради. Таниш-билиш ва бетартиблик ўрнига тизим ва аниқлик. Портал орқали нафақат ариза бериш, балки маблағни тўлаш, бўлиб-бўлиб жамғариш, зарур бўлса, қайтариб олиш ҳам мумкин. Бу — ишонч дегани. Кекса отахон ва онахонларимиз пулини энди хавфсиз жойда, ўз нияти учун сақлай олади. Ҳар бир фуқаро энди ўз навбатини интернетда кўради, хабарни телефон орқали олади. Ортиқча навбат йўқ, "менинг ҳужжатим қаерда?" деган савол йўқ. Хуллас, қоғозбозлик, таниш-билишчилик камаяди ва секинлик билан йўқолади деган умиддаман. @AsanovEldar
显示全部...
👍 32🔥 11😁 8 7
Мана бу тадбир ҳақида ҳам ёзиб қўяй. Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон халқаро анжуманлар саройида катта концерт намойиш этилди. Концерт бироз чўзилиб кетганини айтмаса, репертуар жуда яхши тузилибди — классикадан бошланиб, фольклордан ўтиб, эстрада билан якунланди. Ўзбек тили ва маданияти учун белгили аҳамиятга эга қўшиқлар янгради. Концепция менга ёқди. Мумтоз мусиқа танлашда худди менинг дидим инобатга олингандек — энг ёқтирган қўшиқларимни эшитиб, маза қилиб ўтирдим; "Мустазод" дейсизми, "Гул сочар" дейсизми, ҳаммаси бор; фольклор ҳам бор. "Ўткан кунлар"дан саҳна қўйилиб, "Ўртар" куйланганида, кўзимдан тизиллаб оқа бошлаган ёшларни, ҳар қанча ҳаракат қилмай, тия олмадим. Ëнимдаги одамлардан уялиб, эснаб қўйдим. Нега ундай бўлди, ҳайронман. "Ўртар" энг ёқтирган қўшиқларимдан бири, лекин нега 21 октябрь куни, шу концертда бу қадар юракка яқин олдим? "Ўткан кунлар" сюжети ёдга келдими? Ëки бошқа, болалигимдаги хотираларми? Болалигимда, ўн ёшларим атрофида, раҳматли отам менга рубоб ва тор чалишни ўргатарди. Созандаликка ҳеч қачон чуқур қизиқмаган бўлсам-да, кейинчалик машқларни давом эттирмаган бўлсам-да, лекин ўзим учун бир алоҳида дунёни очгандим: ўз қўлинг билан сеҳрли садоларни чиқариш кичик бир мўъжиза яратишдай завқли. Шунда отам менга ўргатган илк мусиқалардан бири шу "Ўртар" мусиқаси эди — ҳали ҳам чалиб бера оламан, бармоқларим қайси пардаларга югургилаши аниқ эсимда қолиб кетган. Нима бўлди хуллас? Дардлар, ташвишлар йиғилиб қолиб, таниш ва ёқимли қўшиқ триггер бердими? Ëки кўпдан бери ўйлаб юрган нарсаларим — ўрта ёш, келажак режалари билан банд ақлим болалик кезларини эслаб, туйғуларга эрк бериб юбордими? Балки мусиқа баҳона раҳматли отамни беихтиёр ёдга олиб, соғиниб кетгандирман? Нима бўлганини аниқ билмайман, лекин қандайдир сабаблар бир-бирига таъсир ўтказиб, мени кўпчилик олдида ноқулай вазиятга солиб қўйди. Майли, шу баҳона бир енгиллаб олдим. @AsanovEldar
显示全部...
25👍 22😢 5👏 3
01:10
视频不可用在 Telegram 中显示
"Хоҳлаган Янги Ўзбекистон массивини олинг, буларни ҳаммаси спальный район. Бу турар жойлар яшашга жудаям ноқулай бўлган муҳит. Менимча бу кўп йилларгача давом этади, қачонки қурилиш вазирлиги тўлиқ реформа бўлмагунгача. Ёки умуман бу соҳани коррупциядан холи қилмагунча", — дейди Искандар Солиев. "Спальный район"нинг ўзбекчаси уйқукент бўлади. Лекин таржима қилиб ўтиришдан кўра умуман бундай нарсадан қутулиш маъқул бўлса керак. Инглиз тилида чиройли қилиб residential area дейишади. Энди, уларнинг шароити ҳам шунга яраша. ▶️ https://youtu.be/U-iCRNkCE6Q
显示全部...
IMG_9603.MP45.86 MB
👍 11 4
Байрам билан боғлиқ яна бир тадбир 20 октябрь куни Ëшлар ижоди саройида бўлиб ўтди. Унда Ëшлар ишлари агентлигининг ўзбек тили билан боғлиқ лойиҳалари тақдимоти, янгиликлари муҳокамаси бўлиб ўтди. Тадбирни ташкил этишда ўзим ҳам иштирок этдим ва бу жуда қийин ишлигини кўрдим. Майда деталлар шу қадар кўпки, барибир ниманидир эътибордан қочирасан. Бу иш билан мунтазам шуғулланадиган ташкилотчиларга тўзим берсин. Тадбирда 1000KITOB лойиҳасининг илк чоп этилган китоблари ҳам тақдим этилди; лойиҳанинг келажак режалари ҳақида жамоа вакиллари (шу жумладан мен) қисқа маълумот бердик. Режалар ҳақида вақти келиб ёзаман. Ҳозирча эса чоп этилган 27 китоб устида ишлаган ижодкорларни табриклайман. Булар ўтган йили таржима қилинган илк китоблар эди; ҳали олдинда яна кўп китоб бор. Жараён анча мураккаб бўлди, яхши ва ёмон тажриба тўпланди. Буёғига шу тажриба асосида ишлар осонлашади ва тезлашади, натижа янада яхшироқ бўлади деб умид қиламан. @AsanovEldar
显示全部...
👍 10 7🔥 3 2